Cooperation Lab тармоқлараро кооперация форуми: ҳамкорликнинг янги сарҳадлари

293

Бугун UzAuto Market инновацион майдончаси ҳудудида, жиҳозлар, бутловчи деталлар, хом ашё ва материаллар ишлаб чиқарувчилар иштирокида “Ўзавтосаноат” АЖ компаниясининг Cooperation Lab тармоқлараро кооперация форум ўтказилди. Форумда компаниямиз вакиллари ҳам қатнашдилар.

Стендимизда биз янги Sinotruk юк автомобилининг 200 дан зиёд бутловчи деталларини тақдим этдик.



Фозил Тиллабоев, “Uz Truck and Bus Motors” маҳаллийлаштириш бўлими менежери 
“Маълумки, яқинда компаниямиз муассислари таркибига янги шерик – “Sinotruk International Investment Limited” компанияси кирди ва бугунги кунда заводимизда республикада энг ҳаммабоп ва кўп сотиладиган моделлардан бўлмиш Sinotruk шассиси базасида юк автомобиллари (юк кўтариш қобилияти 25 тоннагача)ни ишлаб чиқариш (шассини йиғиш, кавшарлаш, бўяш ва кабинани йиғиш) жараёни кечмоқда. Шунингдек, бутловчи деталларни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Биринчи босқичда қўшимча маблағ тикишни талаб қилмайдиган бутловчи деталлар – металл кронштейнлар, ойна, интерьер ва экстерьер учун пластик деталлар, СТГ-баллон кабиларни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.





Айнан шу сабабли, бугунги форум доирасида биз Sinotruk юк автомобилимизнинг бутловчи қисмларини тақдим этдик. Мақсадимиз – бу инвесторларни компаниянинг маҳаллийлаштириш бўйича жорий лойиҳаларига жалб қилиш, самарали импорт ўрнини босишни ташкил қилиш, бу билан ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишдир”.