Нурафшон шаҳрида Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалон очилди

2018 йилнинг 20 декабрь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг май ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғига асосан барпо этилган Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Замонавий мультибренд автосалоннинг шоурумида доимий равишда «GM Uzbekistan», «SamAvto», «JV MAN Auto – Uzbekistan» ҳамда «UzAuto Trailer» каби миллий автосаноат корхоналарининг Chevrolet, MAN, Isuzu ва Kamaz брендлари тақдим этилади. Бундан ташқари автосалонда автосуғурта, автомобиль харид қилиш жараёнида давлат рақамларини расмийлаштириш каби хизматлар кўрсатилади. Қўшимча қулайлик сифатида автосалонда банк филиали очилган.



Мазкур замонавий автосалоннинг вазифаси ЎзАвто компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар, катта юк техникалари ҳамда эҳтиёт қисмларини сотиш, шунингдек уларга сервис, сотув ва даврий кафолатли техник хизмат кўрсатиш саналади. Шунингдек автосалон харидорларга аъло даражада хизмат кўрсатиши билан қулайлик туғдириш мақсадини кўзда тутади.
«JV Man Auto – Uzbekistan» янги автосалон очилишида «Евро-5» экологик меъёрларига жавоб берувчи ўриндиқли тягачнинг янги модели - MAN TGS 19.440 4X2 Efficient Line, TGS 40.400 6x4 BB автосамосвали ва CLA 18.280 4X2 BB телескопик автоминорани тақдим этди.









2400 кв.метрни ташкил қиладиган сервис ҳудуди замонавий техника нуқталари билан жиҳозланган. Бу ерда «Ўзавтосаноат»нинг барча брендлари учун исталган турдаги кафолатли ва кафолатдан сўнгги хизматларни кўрсатиш учун барча зарурий ускуналар ўрнатилган.
Хуш келибсиз!